Маҳмуд Замахшарий
Маҳмуд Замахшарий

Маънавиятимизнинг буюк сиймолариданн бири Маҳмуд аз-Замахшарий 1075 йилда Хоразмнинг Замахшар қишлоғида таваллуд топган.
У Гурганждаги мадрасада ўқитиладиган барча илмларни, айниқса, араб тили ва адабиёти, диний йўналишдаги илмларни қунт билан эгаллашга киришаган. Ўша даврда илм аҳли орасида қадрланган хаттотлик санъатини ҳам мукаммал эгаллаб, ўз тирикчилигини бир қадар ўнглаб олади.
Кейинчалик Маҳмуд Замахшарий билимини янада ошириш мақсадида Бухорога йўл олади. Машҳур олим Абу Мансур ас-Саолибийнинг ибораси билан айтганда “Бухоро cомонийлар давридан бошлаб шон-шуҳрат макони, салтанат каъбаси ва замонасининг илғор кишилари жамланган, ер юзи адибларининг юлдузлари порлаган ва ўз даврининг фозил кишилари йиғилган эди”.
У Бухорода таҳсилни тугаллагач, бир неча йиллар Хоразмшоҳлар хизматида муншийлик билан шуғулланади, ҳукмдорлар билан яқинлашишга уринади. Бироқ қобилияти, илми, фазилатига яраша муносиб эътибор кўрмагач, ўзга юртларга сафар қилади.
Буюк аллома ҳаёти давомида Марв, Нишопур, Исфаҳон, Шом, Бағдод ва Ҳижозда яшади, икки марта Маккада бўлди. Олим бу ерда илмий ишларини давом эттирди, араб тили сарф ва наҳви(грамматикаси) ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг лаҳжалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганди, минтақа жуғрофиясига оид қимматли маълумотларни тўплади.
Бирон-бир алломага насиб этмаган юксак мақомга — Жоруллоҳ (“Аллоҳнинг қўшниси”) деган лақабга фақат буюк ватандошимиз Маҳмуд Замахшарий мушарраф бўла олган
Аллома ижодида араб тилшунослиги ва грамматикасининг турли жиҳатларига оид асарлар салмоқли ўрин эгаллайди. Жумладан, араб тили грамматикасига оид “Ал-Муфассал” (1121 йил) номли асарини у Маккада яшаган пайтида, бир ярим йил давомида ёзган. “Ал-Муфассал” араб тили наҳву сарфини ўрганишда муҳим қўлланма сифатида азалдан Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шуҳрат топган асарлардан ҳисобланади.
Кўпчилик олимлар илмий қиммати жиҳатидан бу асарни атоқли араб тилшуноси Сибавайҳнинг араб грамматикасига оид китобидан кейин иккинчи ўринда туради, деб таъкидлаганлар. Ўша даврнинг ўзидаёқ араблар орасида ҳам бу асар катта эътибор қозонган ва араб тилини ўрганишда асосий қўлланмалардан бири сифатида кенг тарқалган. Ушбу асарнинг битта қўлёзма нусхаси Тошкентда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида сақланади.
Маҳмуд аз-Замахшарийнинг чуқур билими, закоси ва фаннинг турли соҳаларига оид ўлмас асарлари ҳали ҳаёт пайтидаёқ унга катта шон-шуҳрат келтирган.
Алломани чуқур эҳтиром билан “Устоз ул-араб ва-л-ажам” (“Араблар ва ажамлар устози”), “Фахру Хваразм” (“Хоразм фахри”) каби шарафли номлар билан улуғлаганлар. Ватандошимиз Маҳмуд аз-Замахшарий ўз илмий салоҳияти билан нафақат Марказий Осиё халқлари, балки бутун инсониятга катта хизматлар қилиб, миллатимизнинг шон-шуҳратини оламга таратган буюк зотлардан бири ҳисобланади.