Маҳмуд Қошғарий

Маҳмуд Қошғарий

 

prposprovpropror.jpg

 

 

         Туркшунослик илмининг асосчиси, филолог олим Маҳмуд Кошғарий ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ижтимоий келиб чиқиши жиҳатидан қорахонийлар сулоласига мансуб. Отаси Хусайн ибн Муҳаммад ўша даврдаги Бареган элининг амири бўлган.

     Маҳмуд Кошғарий бошланғич маълумотни ўз қишлоғида, юқори маълумотни Кошғар мадрасаларида олган, араб, форс, туркий каби 7-8 тилни пухта эгаллаган. Сўнг у Бухоро, Самарқанд, Марв, Нишопур шаҳарларида билимини оширган.

      1056-1057 йилларда мамлакатдаги ички низолар натижасида олим ўз ватанини тарк этиб, 15 йил давомида атрофдаги қардош халқлар орасида юришга мажбур бўлган. Ана шу йилларла у туркий халқлар яшайдиган ўлкаларни кезиб, бу ерлардаги туркий қабила ва уруғлар, уларнинг келиб чиқиши ва номланиши, жойлашиш ўринлари, урф-одатлари, айниқса, тил хусусиятларини синчиклаб ўрганади.

      Сўнг Бағдодга бориб, анча вақт шу шаҳарда ижод қилган, хусусан, 1072 йили дунёга машхур асари «Девону луғотит турк»ни («Туркий сўзлар девони») ёзиб битиради ва уни аббосийлардан бўлган Абулқосим Абдуллоҳ бинни Муҳаммадил Муқтадо биамриллоҳга бағишлайди. Ушбу асар туркий халқлар тарихидаги диалектологик, изоҳли, этнографик, тарихий-этимологик луғатларнинг барча унсурларини қамраб олувчи дастлабки универсал луғат бўлиб, ўз муаллифини дунёга улуғ адабиётчи, тарихчи географ ва бошқа кўп фанлардан яхши хабардор бўлган йирик фан арбоби, қомусий олим сифатида танитди.

        Бу асарида олим туркий қабила ва уруғлар (халқлар) тилларидаги сўзлар маъносини араб тилида изоҳлаб беради. Мисол сифатида эса мақоллардан ва бадиий адабиётдан парчалар келтиради. Бу ҳақда Маҳмуд Кошғарийнинг ўзи ёзади: «Мен бу китобни махсус алифбе тартибида ҳикматли сўзлар, сажълар, мақоллар, қўшиқлар, ражаз ва васл деб аталган адабий парчалар билан безадим… Мен истеъмолдаги сўзларнигина бердим, истеъмолдан чиққанларини ташладим… Сўнгра мен ҳар бир қабилага мансуб сўзларнинг ясалиш хусусиятларини ва қандай қўлланишини қисқача изоҳлаб кўрсатиш учун алоҳида йўл тутдим. Бу мисол тариқасида туркларнинг тилида қўлланилиб келган шеърларидан, шодлик ва мотам кунларида қўлланадиган ҳикматли сўзларидан, мақолларидан келтирдим».

       Шуни айтиш керакки, «Девон»да берилган адабий парчалар, тил фактлари фақат 11-аср адабиётининг намуналари булмай, уларнинг аксар қисми жуда узоқ ўтмиш даврларнинг маҳсулидир. Шу жиҳатдан бундай парчалар туркий тилларнинг келиб чиқиш тарихини, ривожланишини. адабий ҳаракатининг жуда узоқ тарихини белгилашга хизмат қилувчи энг муҳим ҳужжатдир. Асардаги бир қанча географик, этнографик маълумотлар ҳам тегишли соҳалар нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга.

        Маҳмуд Кошғарий мазкур асарига ўзи тузган дунё харитасини илова қилади. Харитада мамлакат, шахар, қишлоқ, тоғ, чўл, денгиз, кўл, дарё қабиларнинг номлари ёзилган. Харитада акс этмаган баъзи бир номлар луғат матнида изоҳланган. Харита, асосан, Шарқий ярим шарга тўғри келади. Бу ҳақда Маҳмуд Кошғарийнинг ўзи: «Румдан Мочингача бўлган… шаҳарлар ўрнини аниқлаш мақсадида уларнинг ҳаммасини ер шаклидаги доирада кўрсатдим», — деб ёзади. Шартли қабул қилинган бўёқлар ранги доира ташқарисида тўрт жойда сўз билан изоҳланган. Айрим камчиликларига қарамай, Маҳмуд Кошғарийнинг 11-асрда тузилган харитаси ўз даври учун мукаммал, ҳозирги давр учун географик маълумотлар берувчи муҳим манба ҳисобланади.

        Маълумотларга кўра, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк»дан аввалроқ яратилган, «Жавоҳирун-наҳви фи луғотит-турк» («Туркий тиллар синтаксиси қоидалари») деб номланган асари ҳам бўлган. Ушбу асар ҳозирча топилгани йўқ.

         Маҳмуд Кошғарий 1080 йилда ватанига қайтиб келиб, Ўпалдаги Азиқ қишлоғида, Ҳазрати Муллом тоғи этагидаги тепаликда жойлашган мадрасада дарс берган ва илмий ижод билан машғул бўлган. Маҳмуд Кошғарий 1105 йилда 97 ёшида вафот этиб, Ўпалдаги унинг аждодлари мақбарасига дафн этилган..