Қаффол Шоший
Қаффол Шоший
Шофиъийлик мазҳабининг етакчиларидан бири, муҳаддис, фақиҳ, тилшунос, шоир Қаффол Шоший 903 йилда Шош (Тошкент)да дунёга келган. Аллома моҳир ҳунарманд ҳам бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонган. Шу сабабдан у зот “Қаффол” – қулфсоз деб машҳур бўлган.
Қаффол аш-Шоший дастлабки таълимни ўз юртида, кейинчалик Марказий Осиёда мавжуд маърифат ўчоқларида олади. Самарқанд, Бухоро, Термиз каби шаҳарларни кезади. Бу ерларда ундан сал олдинроқ ўтган ва анчагина мерос қолдирган Имом Исмоил ал-Бухорий (810–870), Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий (824–892) каби йирик мутафаккир олимлар мероси билан танишади, улардан баҳраманд бўлади.
У бирмунча вақт Самарқандда яшаб, бу ерда таълим олди. Қаффол аш-Шоший қаттиқ киришиб, фиқҳшуносликни ўрганади. Зеро, бу фан мусулмон Шарқ ўлкаларида жуда кенг тарқалган ва ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу фанни эгаллаган кишилар ҳамма жойда қадрланар, уларга зарурат ҳам катта, чунки ижтимоий ҳаётда қонуншуносликка талаб катта бўлиб туриши табиий эди. Қаффол аш-Шоший фиқҳ илми билан бирга фалсафа, мантиқ, адабиёт соҳаларини ҳам пухта эгаллаган, бу соҳаларда энг билимдонлар билан мунозара қила оладиган қудратга эга бўлган бир зот эди. Қаффол аш-Шоший доимо илм-маърифат истагида қўним топмай, бир ўлкадан иккинчисига илм чашмаларидан баҳраманд бўлиш ниятида Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларини кезади, Ҳижоз, Бағдод, Дамашқ каби шаҳарларга боради, у ерларда замонасининг кўзга кўринган олимларидан илм-маърифат ўрганади.
Қаффол аш-Шоший “Адаб ал-қози” (“Қози феъл-атвори”) деган асар ёзган. Шу билан бирга у “Одоб ал-баҳс” (“Баҳс одоби”) деган асар муаллифи ҳамдир. Бу ҳақида араб олими Ибн Халликон шуларни ёзади: “Қонуншунослардан дастлаб чиқиб “Ҳусни Жадал” (“Диалектика ҳусни”) деган асар ёзган киши ҳам шу Қаффол Шоший эди”.
Қаффол аш-Шоший Бағдодга келгач, Муҳаммад ал-Хоразмий асос солган “Ҳикмат дониш” (“Байтул ҳикма”)да илмга машғул бўлади. Орадан бироз вақт ўтгач, ўзидаги фавқулодда истеъдод ва чуқур билими билан алломалар орасида шуҳрат қозонади. Айниқса, фиқҳшунослик илмига қаттиқ киришади. Зеро, фиқҳ илми мусулмон оламида кенг тарқалган ва ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этган фанлардан бири эди. У фиқҳ илмини эгаллаш билан бирга фалсафа, мантиқ, адабиёт каби фанларни ҳам пухта ўзлаштирган эди. У араб, лотин ва ҳинд тилларини ўз она тилидек биларди. Бинобарин, мазкур тилларга оид мукаммал луғатлар ёзган.
Фиқҳ илмида (шариат қонуншунослиги) Қаффол аш-Шоший ўз замонасида – Бағдодда ягона аллома бўлган. У кўп муддатлар “Байтул ҳикма”га раҳбарлик қилган. Қаффол аш-Шошийнинг довруғи халифа қулоғига етиб, уни саройга таклиф этиб, вазири аъзамлик лавозимига тайинлайди. Қаффол аш-Шоший бир неча йиллар вазирлик мансабида адолатни мезон қилиб сиёсат юритди.
Қаффол аш-Шоший 976 йили Тошкентда вафот этган ва шу ерда дафн этилган. Ҳамшаҳарлари уни илму дониш, адолатли ва фуқаропарварлиги туфайли эъзозлаб, унга мақбара бунёд этадилар. Ҳозир Тошкентнинг халқ орасида “Ҳастимом” деб аталадиган жой шу мўътабар зотга нисбатан айтиладиган ном “Ҳазрати имом”нинг қисқаргани бўлади. Аслида, бу жойнинг номи Ҳазрати Имом Қаффол аш-Шошийдир. У кишининг қабрлари теграсида Тошкентда машҳур бўлган мўътабар зотлар дафн этилган.
Қаффол аш-Шоший мақбараси Тошкентнинг қадимий, кўзга кўринган табаррук бир қадамжоси саналади.