Хўжаназар Ҳувайдо
Хўжаназар Ҳувайдо

Шоир, тасаввуф шеъриятининг йирик вакили, асл номи Хўжаназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдо 1780/81 йилда Фарғона вилояти Чимён қишлоғида таваллуд топган. Хувайдонинг таржимаи холи хакдда жуда кам маълумот етиб келган.
У Қўқон мадрасаларида ўқиган. Қишлоғида мактаб очиб, узоқ вақт мактабдорлик қилган, косиблик билан ҳам шуғулланган. Отаси Ғойибназар сўфи Қашқардаги Офоқхўжа эшоннинг муридларидан бўлган, Чимёнда масжид ва хонақолар қурдириб, эшонлик қилган.
Ҳувайдо ижоди ва дунёқарашининг шаклланишида Яссавий, Навоий, Сўфи Оллоёр, Машрабларнинг тасаввуфий, фалсафий фикрлари ва асарларининг таъсири катта бўлган. Ҳувайдо мажозий ва ҳақиқий ишқ ҳақидаги орифона, дунёвий шеърларидан ташқари золимлик ва мазлумлик, камолот ва ахлоқий тубанлик ҳақидаги шеърларида ҳам мазкур шоирлар анъаналарини давом эттирган ва янги фикрлар билан бойитган.
У мумтоз шеъриятнинг деярли барча жанрларида ижод қилган. Шеърлари халқ орасида жуда машҳур бўлган. Ҳувайдо ахлоқий-дидактик йўналишдаги мазмунан теран, услубий гўзал асарлари билан адабий мактаб ярата олган шоирдир.
Девондаги илк шеърларида рўза, намоз, закот, ҳаж, жаннат ва дўзах билан боғлиқ мавзулар ёритилган, ғурур, манманликни танқид қилувчи, тавозеъ, қардошлик ва тўғрисўзликни улуғловчи ҳикматларга кенг ўрин берилган.
Ҳувайдо шеърлари вафотидан сўнг набиралари томонидан девон ҳолига келтирилган. Унга шоирнинг 351 ғазал, 28 рубоий, 41 тўртлик, 3 мухаммас, 1 мусаддас, 1 мусамман, 1 мустазод, 3 маснавий ҳамда ахлоқий-дидактик мазмундаги «Роҳати дил» манзумаси кирган.
Ҳувайдонинг шеърларида тасаввуфий унсурлар — нафсни жиловлаш ва дунёдан ўзни узоқ тутиш бош ғоялардан бири. Дунё лаззатининг инсонни бахтли эта олмаслигига ишонган шоир Аллоҳга, абадий бахтга эришмоқ учун инсон ўзлигидан кечмоғи кераклигини англайди.
Шоирнинг бир қанча қўлёзма нусхалари ва литографик нашрлари бўлиб, улардан чевараси Салоҳиддин Соқиб (1838—1910) ва Мирза Ҳаким ибн Мирза Умид Марғилонийлар кўчирган нусхаси Самарқанд давлат университети кутубхонасида сақланади.
Ҳувайдо номида кўча, маҳалла ва мактаблар бор.