Хўжа Аҳрор Валий

Хўжа Аҳрор Валий

 

cfyakfcyuayfafyuac4u.jpg

 

     Ўзбекистоннинг жанубий ҳудуди ҳисобланган Сурхондарё жаҳон цивилизациясига қўшган ўзининг муносиб ҳиссаси, буюк алломалар, адиблари билан жаҳонга танилган.  Мамлакатимиз тарихшунослигида мукаммал ўрганилган олим-шоирлар, давлат ва дин арбоблари Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Суфи Оллоёр ва бошқа забардаст ижодкорлар қаторида Хўжа Аҳрор Валий ҳаёти ва фаолияти ҳам тарихий манбаларда акс этган. 

     Хожа Аҳрор ҳаётининг 1480-1490 йиллардаги фаолияти ҳақида унинг энг яқин сафдоши Муҳаммад Қози Шошийнинг аллома ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Силсилат ул орифин ва тазкират ус сиддиқин” асарида келтирилишича, у 806 ҳижрий йилнинг рамазон ойида, яъни 1404 милодий йилнинг март ойида Шош (ҳозирги Тошкент) шаҳрида дунёга келган.

     Хожа Аҳрор дастлаб Тошкентда, сўнгра эса тоғаси Ҳожи Иброҳим билан Самарқандга келиб, бу ердаги мадрасада бирмунча вақт таҳсил олади. Аммо ўқишини давом эттиришга соғлиги имкон бермай, мустақил таҳсил олишга ўтиб, Тошкентга қайтади.  Унинг устози Саъдуддин Кошғарий тиф касалига чалинганида Хожа Убайдуллоҳ парвариш қилган. Касаллик Убайдуллоҳга ўтиб, узоқ вақт оғриб, заифлашади. Натижада ўқишни ташлаб, мустақил билим олишга мажбур бўлади.

     Хожа Аҳрор  Имом Муҳаммад ал-Ғаззолий асарларини, Имом Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ», Муҳитдин ибн ал-Арабийнинг «Фусус ул-ҳикам», Абдуллоҳ Ансорийнинг «Манозил ус-соирин», Абдураззоқ Кошийнинг «Шарҳи манозили соирин», Фари-дуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё», Ибн Ҳужвирийнинг «Кашф ул-маҳжуб» асарларини ҳамда Абу Саъид Абулхайр, Абдуллоҳ Ансорийнинг шеърларини мутолаа қилади, уларнинг аксариятини ёдлайди.

     Султон Абу Саъид Хожа Аҳрорни 1452 йилда Самарқандга кўчиртириб келтирган. Темурий шаҳзодалардан Умаршайх Мирзо ҳамда Султон Аҳмад Мирзо орасида 868/1463 йилда Шоҳрухия яқинида жиддий низо пайдо бўлади. Юз минглаб лашкар жанг майдонида рўбарў бўлади. Хожа Аҳрор Валий шу ерга келиб, икки қўшин ўртасига оқ чодир тикдиради. Ҳар икки томондан қўшин бошлиқлари чодирга таклиф қилинади. Орадан кўп ўтмай, Хожа Аҳрор Валийнинг саъй-ҳаракати билан сулҳ тузилади.

     Хожа Аҳрор Валий «Фақорот ул-орифин», «Ҳавроия» каби рисолалар муаллифидир. Унинг «Мажмуаъи мурсалот» номли дастхатлар тўпламидан султонлар, вазирлар, замонасининг кўплаб маърифат пешволари, жумладан, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий билан ёзишмалари ўрин олган. Хожа Аҳрор Валий отасига атаб «Волидия» рисоласини ёзган.

     Хожа Аҳрор Валий ҳожатбарор зот бўлган. Умаршайх Мирзо Шош (Тошкент) аҳолисидан 250 000 динор талаб қилганда Хожа Аҳрор солиқларни ўзи тўлаб, фуқаронинг қишдан эсон-омон чиқиши учун яна қўшимча 70 000 динор берган.

     Хожа Аҳрор Валий 896/1490 йилда Самарқанд вилоятининг Камонгарон қишлоғида вафот этган ва васиятига кўра табаррук жасади «Ҳазрати Кафшир» маҳалласидаги уйига дафн этилган.