Бурҳоддин Марғиноний

Бурҳоддин Марғиноний

 polprolarla.jpg

      Шарқ Уйғониш даври қомусий алломаларидан бири, 1123 йилда туғилган Бурҳониддин Марғиноний  жаҳон маданияти ва илм-фанига қўшган ҳиссаси бутун дунёда эътироф этилган. Буюк сиймо  «Бурҳон уд-дин ва-л-милла» деган ном билан ҳам аташган.

      Бурҳониддин Марғинонийнинг туғилган Ватани бугунги Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидаги Риштон қишлоғи бўлиб, Марғилоннинг Пирсиддиқ маҳалласида ҳам 13 йил яшаган ва шу ерда ўзининг машҳур «Ҳидоя» китобининг биринчи қисмини ёзиб тугатган. Умрининг сўнгги йилларини Самарқандда ўтказиб, ушбу китобни 1178 (ҳижрий 573) йилда ёзиб битирган.

       Марғиноний ёшлик чоғларидаёқ Қуръони Каримни ёд олиб, ҳадисларни чуқур ўрганади ва 1149 (ҳижрий 544) йилда муқаддас ҳаж сафарига боради. Илмга қизиқиш Марғинонийни узоқ сафарларга бориб, ўша даврнинг асосий фанлари бўйича етук алломалардан таълим олишга ундаган эди. Ана шу интилиш уни ислом оламининг ҳанафий мазҳаби бўйича буюк фақиҳи ва ҳуқуқшунос алломаси даржасига кўтарган.

     Марғиноний яшаган замон – Шарқ Уйғониш даврининг биринчи босқичи бўлмиш X–XII асрларда Мовароуннаҳр заминида илму фан гуркираб ривожланган, жамият тараққиёти учун ислом ҳуқуқини тўғри англаш ва амал қилиш муҳим ижтимоий заруратга айланган эди. Бурҳониддин Марғиноний эса ўз асарларида ўша замонларда мўмин-мусулмонлар дуч келадиган долзарб ҳаётий масалалар, жумладан, оилавий ва ижтимоий муносабатлар, мулкчилик, савдо-сотиқ, жиноят ва жазо, инсоннинг бурч ва масъулиятларига тааллуқли кўп-кўп мураккаб муаммоларни исломий ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳал этиб берган эди.

      Шомий «Радул мухтор»да ёзишича, Марғиноний 400 га яқин Муҳаммад номли фақиҳлар дафн этилган Самарқанд шаҳрининг Муҳаммадийлар қабристони («Турбатул-Муҳам мадийин») ёнида дафн этилган.