Беруний Абу Райҳон

Абу Райҳон Беруний

 

fukeyufkepyfukpfuvkpfuk.jpg 

 

     Хоразмнинг буюк алломаси, тарих, география, филология, астрономия, математика, геодезия, минералогия, фармакология, геология ва бошқа кўплаб фанларда оид қомусий асарлар муаллифи Абу Райҳон Беруний Ўрта Шарқда илк бора Ер Қуёш атрофида айланиши мумкинлигини айтиб, Ернинг айлана ўлчамини аниқлаган.

     Абу Райҳон Беруний 973 йил 4 сентябрда қадимги Хоразмнинг Кот шаҳрида (ҳозирги Беруний шаҳри) туғилган. У ўз ижоди билан Хоразм фанини юксак чўққига олиб чикди. Унинг сиймосида ўрта асрлар Шарқининг қомус ул-илими, астрономи, географи, маъданшуноси, этнографи, тарихчиси, шоири мужассамлашган.

     Беруний Абу Наср Ироқ раҳбарлигида ёшлигидан риёзиёт ва фалакиётни ўрганиб, 16-17 ёшларидаёқ Қуёшнинг чошгоҳдаги баландлигини армила билан ўлчаган. Орадан 30 йил ўтгач, Беруний ёшлигида ўзи ўлчаб олган натижаларни таҳлил қилар экан, улар анчагина ишончли бўлганлигини таъкидлайди. Ёшлик йилларида у қуёш тутилишини кузатиш билан шуғулланади. 22 ёшида Беруний Марказий Осиёда биринчи бор ер глобусини яратди. Ўзидан олдинги аждодлар қолдириб кетган кўплаб китобларни ўрганади ва бизгача етиб келган, турли халқларнинг йил ҳисоблари ҳақидаги илк йирик асари – “Осорул боқия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”)ни яратади. Унда юнонлар, римликлар, форслар, суғдийлар, хорзамийлар ва бошқа кўплаб қабила ва халқларнинг барча даврлари, байрам ҳамда тақвимлари, шунингдек Шарқнинг турли мамлакатларининг маданият ва адабиёт тарихи тўла баён этилган. Бу асарда Беруний ўзини фақат элшунос олим эмас, балки тилшунос, араб, юнон, форс, сурёний ва бошқа тил ҳамда адабиётларнинг билимдони сифатида намоён этди.

     Беруний 1004 йилда у Хоразмшоҳ Маъмун II нинг таклифига биноан Гурганчга қайтиб келади ва Гурганчда шоҳ номидаги “Маъмун академияси”ни барпо этади. Бу академияда Абу Али ибн Сино, Мискавайх, файласуф Абу Саҳл Масиҳий, математик ва астроном Абу Наср ибн Ироқ, таржимон ва ҳаким Абул Хайр ибн Хаммор, адиб ва шоир Абу Мансур ас- Саолабий, Зайниддин Журжоний ва бошқа ўнлаб олимлар илм-фан тараққиётига катта ҳисса қўшдилар ва ажойиб асарлар яратдилар.

     Абу Райҳон Беруний бундан минг йил олдин Ҳиндистонда бўлиб, унинг тарихи, маданиятини ўрганиш учун қадимги ҳинд ёзуви – санскритни ўрганиб, ўзининг машҳур “Ҳиндистон” асарини ёзган.  “Ҳиндистон” ҳажми жиҳатдан жуда катта асар бўлиб, унда ҳинд адабиёти, фалсафаси, аниқ фанлар, география, элшунослик, қонун ва урф-одатлар, дин, тарихий-диний ривоятлар, ҳинд ёзувининг турлари ҳақида маълумотлар келтирилган.

     Буюк бобокалонимиз 1048 йилда Ғазна шаҳрида вафот қилган. Буюк олимни номини абадийлаштириб юртимизда кўпгина илмий марказлар, кўчалар, шаҳар, қишлоқлар фахр ила олим номи билан аталади.