Бердақ

Бердақ

 

ngssdngssdpgsd.jpg 

     Қорақалпоқ халқининг машҳур демократ шоир Бердақ  XIX асрда яшаб ижод этган. Шоирнинг асл исми Бердимурод Қарғабой ўғли бўлиб, Бердақ унинг тахаллусидир.

     Мутафаккир тўғрисида маълумотлар кам сақланиб қолган. Унинг таржимаи ҳоли ва ижодига оид маълумотларни, асосан, ўзининг асарларида учратиш мумкин. У Орол денгизининг жанубида жойлашган Мўйноқ туманининг Оққалъа деган жойида дунёга келган. Бердақ ўн ёшлигидаёқ отаси Қарғабой Бўронбой ўғли ва онасидан айрилгач, амакиси Қўчқорбойнинг қўлида тарбия кўра бошлайди.

     Бердақ ўн ёшидан овул мактабига, мактабни битиргандан сўнг ўз билимини янада чуқурлаштириш мақсадида ўша даврда йирик илм маскани ҳисобланган Қорақум эшон мадрасасида таҳсил олди.

     У ёшлигидан бошлаб шеър ёзишни машқ қила бошлади. Халқ қўшиқлари, турли афсоналар, эртаклар, мақол ва маталлар, достонлар билан танишиш, машҳур шоирларнинг шеърларидан баҳраманд бўлиш мутафаккир бадиий ижодини камолга етиб шаклланишида муҳим аҳамият касб этди. Шундай қилиб, Бердақ аста-секин машҳур шоир ва халққа танилган бахшига айлана борди. Энг муҳими, шеърларига ўзи куй басталаб куйлай бошлади.

     Бердақ кўп шаҳарларга саёҳат қилди. Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларида бўлди. Урганч ва Бухорони зиёрат қилиб, қадимий ёдгорликлар билан танишди. Бердақ Алишер Навоий, Фузулий ва Махтумқули ижодларини чуқур ўрганиб, шеърларини мутолаа қилди. Замондош шоирлар билан мусоҳиб бўлди. Бердақ шеърларининг аксарияти камбағал, бева-бечораларнинг аянчли ҳаёти, уларнинг оғир меҳнати, бой-зодагонларнинг уларга нисбатан қилган шафқатсизлиги, зўровонлиги ва адолатсизлигига бағишланган. Унинг шеърларида инсонпарварлик, тенглик, сахийлик, адолат, ватанпарварлик, меҳр-шафқат, қаҳрамонлик ва мардлик, мустақиллик, миллий озодлик ва ҳақиқат учун кураш, меҳр-муҳаббат каби умуминсоний ва миллий қадриятлар ўз аксини топган.

     Бердақнинг шеър ва достонлари халқ оммасининг турмушини холисона ва ҳаққоний тасвирлаб бериш билан ажралиб туради. айниқса, Хива хонлиги ва Чор Русияси ҳукмронлиги даврида оддий халққа нисбатан ўтказилган зулм-зўрликлар шоирнинг бир қатор шеърларида очиқ тасвирлаб берилган. Шунинг учун у ўз замонасидаги адолатсизликдан, хон гумашталаридан, солиқ йиғувчилардан, миробларнинг ўзбошимчалигидан, золимлигидан нолийди, инсон қанча мехнат қилмасин, муҳтожликдан чиқаолмаслигидан зорланади.

     Пойтахтимизнинг Нукус ва Тарас Шевченко кўчалари чорраҳасида қорақалпоқ шоири Бердақ ҳайкали ўрнатилиб, унинг номида хиёбон барпо этилган. Қорақалпоғистондаги кўпгина мактаблар, кўчалар, кинотеатрлар, кутубхоналар шоирнинг номига қўйилган. Шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат мукофоти таъсис этилган. Бу мукофот бадиий адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги энг яхши ишларга берилади.