Аҳмад Яссавий
Аҳмад Яссавий

Тасаввуф илмининг буюк намоёндаси, “Яссавий” тариқасининг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий туркий шеъриятининг йирик вакилларидан биридир.
Аҳмад Яссавий 1103 йилда Сарём (Сайрам) қишлоғида Шайх Иброҳим хонадонида дунёга келади. Кейинчалик у ўз она юртини асарларида “Ул муборак Туркистон” деб тилга олади. Яссавий туғилганидан сўнг, кўп ўтмай онаси – Мусо Шайхнинг қизи Ойша хотун оламдан ўтади. Етти ёшида эса отаси вафот этади. Кичик Аҳмаднинг тарбияси опаси Гавҳар Шаҳноз зиммасига тушади.
Опаси билан Ясси шаҳрига кўчиб ўтишгач, Аҳмад дастлабки таълимотни Яссида машҳур олим Шаҳобиддин Исфижобийдан олади. Сўнгра у ердаги бир қатор толиби илмлар каби Арслон бобо қўлида тарбия ва таҳсил олади. Айнан шу шаҳарда Яссавий ботин илми сирларини мукаммал ўзлаштиради. Ўша замонларда Мовароуннаҳрнинг илм-маърифат марказларидан бўлган Бухорода кўплаб туркистонлик толиблар йиғилишган. Устози Арслон бобо кўрсатмаси билан Яссавий ҳам Бухорога йўл олади.
Бухорода араб, форс тилларини ўрганиш билан бир қаторда, форсийда яратилган тасаввуфий адабиёт билан танишади. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Абдуллоҳ Бақрий, Хожа Ҳасан Андоқийлар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслаҳат бўлиб, даврнинг энг пешқадам олими ва сўфийси Шайх Ҳамадоний муридлари қаторидан жой олади.
Улуғ мутафаккирнинг жуда чуқур ва бой мазмунга эга бўлган “Девони ҳикмат” асаридаги сўфийлик, Яссавийнинг фалсафий дунёқараши ўзининг бутун борлиғи билан ўқувчининг диққатини ром этади. Унинг ўзи “Девони ҳикмат” номи билан бирор бир китоб ёзмаган. Ушбу нодир асар унинг мурид ва издошлари томонидан йиғилиб, тартиб берилган.
Асарнинг бошидан якунига қадар улуғвор инсоний фазилатлар: камтаринлик, меҳр-муҳаббат, ишқ, садоқат, ҳақиқат, адолат, ҳурфикрлик, инсонни инсондан айирмаслик каби масалалар фалсафий нуқтаи назардан олқишланади. Ва аксинча, жохиллик, нодонлик, ёмонлик, саводсизлик, ҳақсизлик, адолатсизлик, молпарастлик каби иллатлар қораланади. Бундай хислатга эга бўлган инсонлар инсоф диёнатга чақирилади.
Яссавий ҳикматларидаги асосий ўринни панд-насиҳат эгаллайди. Ҳикматларнинг барчасида сўфийлик тариқатининг асослари - ҳақиқатни билиш, Ҳақни севиш, нафсу дунёдан чекинишга даъват этувчи ғоялар ўз аксини топган.
Аҳмад Яссавийнинг вафоти турли ёзма манбаларда ҳижрий 562 (милодий 1166-67) йил деб аниқ кўрсатилади. Ориф Усмон: “Ривоятларга кўра, Яссавий 63 ёшга (пайғамбар ёшига) етгач, ер остида ҳужра ясатиб, “чилла”га кирган, қолган умрини тоат-ибодат қилиб, қимматли ҳикматлар ёзиб, риёзат чекиб, ер остида ўтказган”, деб таъкидлайди. Бу ривоятга кўра 125 йил, яна бошқа бир ривоятга қараганда 133 йил умр кўриб, ҳижрий 562 йилда вафот этган. Умуман олганда, Яссавийнинг таржимаи ҳолига доир маълумотлар жуда кам ва у ҳар томонлама чуқур ўрганилмаган.