Абдураҳмон Жомий
Абдураҳмон Жомий

Абдураҳмон Жомий Шоҳрух ҳукмдорлиги даврида — 1414 йил 7 ноябрда Нишопур яқинидаги Жом шаҳрида, руҳоний оиласида дунёга келди. Жомийнинг ота-боболари асли Даштдан бўлиб Жомда туриб қолишган. Бобоси Мавлоно Муҳаммад ва отаси Низомиддин Аҳмад сингари Абдураҳмон ҳам қўлига қалам олиб, шеър ёза бошлаган вақтдан бошлаб ўз таваллуд топган шаҳри номини ўзига адабий тахаллус қилиб олган.
У умрини асосан Ҳиротда ўтказди ва шу ерда машҳур шоир ва мутафаккир бўлиб етишди. Болалик чоғидаёқ Жомий зеҳнининг ўткирлиги билан ажралиб турган. Бошланғич маълумотни у отасидан олган. Оиланинг Ҳиротга кўчиши, отасининг бу ерда шайх ул-ислом мансабига тайинланиши Жомий ҳаётида муҳим аҳамитяга зга бўлди. Ҳиротда унинг ўқишига Хожа Алоуддин Али Самарқандий, Шаҳобиддин Муҳаммад Жожармий каби машҳур муаллифлар ўз ҳиссаларини қўшдилар. Натижада у араб тили, илоҳиёт, тасазвуф, шеър қоидалари, адабиёт тарихи ва бошқа фанларнинг асосларини жуда эрта ва ўзлаштира бошлади.
Жомий турли фанлар бўйича ўз таҳсилини Самарқандда ниҳоясига етказишни ихтиёр қилар экан, у Улуғбек мадрасасида Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи каби алломаларнинг маърузаларини эшитиш шарафига муяссар бўлди. У фиқҳшунос олим, араб тили, «Қуръон», ҳадислар бўйича мутахассис Фазлуллоҳ Абуллайсдан ҳам кўп дарс олди. Ҳиротда Жомий тасаввуф йўлига киришни, ўз билим ва фаолиятини шу йўлга, қолаверса ижодга, илм-фанга бағишлашни афзал кўради.
1469 йили Султон Ҳусайн Бойқаро Ҳирот тахтига ўлтиради. Орадан кўп вақт ўтмай у ўз дўсти ва вазири Алишер Навоий билан Жомийни ўзига пир ва устоз деб танийди. Бу Жомий ҳаёти ва фаолиятида катта воқеа бўлди.
XV асрнинг иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий, илмий-маданий ва адабий ҳаётда юз берган ибратли ҳодисалардан бири Навоий — Жомий муносабатларидир. Бу икки буюк зот ижод соҳасида халқпарварлик ва инсонпарварлик мавқеида туриш билан бирга халқ, давлат ишларида инсоф ва адолатни ёқлар эдилар. Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс», Лужжат ул-асрор», Ашиат ул-ламаот», «Рисолаи мусиқий», «Рисолаи муаммо» каби бир қанча асарлари Навоийнинг маслаҳати ва илтимоси билан ёзилган. Жомий ўз лирик шеърларини йиғиб, девон тузмоқчи бўлганда, Навоий маслаҳати билан учта девон тузади ва девонларнинг биринчисига «Фотиҳат уш-шабоб», иккинчисига «Воситат ул-иқд», учинчисига «Хотимат ул-ҳаёт» деб ном қўяди.
1480 йилдан 1485 йилнинг охирига қадар Жомий ўзининг буюк «Ҳафт авранг»и таркибига кирган достонларини яратиш устида иш олиб борди. Шарқ адабиётидаги хамсачилик аньаналари асосида ёзилган бу достонлардан «Силсилатуз-заҳаб», «Туҳфат ул-аҳрор», «Суҳбат ул-аброр» ғоявий тематик жиҳатдан фалсафий-ахлоқий йўналишда, жанр эътибори билан панднома типида бўлиб, ўз даврининг энг долзарб масалаларига бағишланган эди. «Юсуф ва Зулайҳо», «Лайли ва Мажнун», «Саламон ва Абсол», «Хирадномаи Искандарий» достонларида эса шоир анъанавий сюжетларнинг янгича талқинларини берди.
Абдураҳмон Жомий 1492 йили шамоллаш натижасида хасталаниб, 78 ёшида ҳаёт билан видолашган. Унинг дафн маросимини Навоий бошқариб, подшоҳ Ҳусайн Бойқаро эса мамлакатда бир йил мотам эълон қилди.